Ўзбек тилида кирилл-лотин ва лотин-кирилл алифбосига ўзгартириш хизмати


Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидалари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига 1-ИЛОВА

6. Махсус транспорт воситаларининг имтиёзлари

25. Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг 7-боби (тартибга солувчининг ишораларидан ташқари), 9 — 16, 19-20 ва 22 боблари, 1 ва 2-иловалари талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларида, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

Ушбу имтиёздан тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари томонидан кузатиб келинаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳам фойдаланадилар.

Кузатиб келинаётган транспорт воситаларида яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилган бўлиши шарт.

26. Ҳайдовчилар тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган ҳолда яқинлашаётган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг кузатувидаги, яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилган транспорт воситаси (транспорт воситалари)га йўл беришлари шарт.

Мазкур турдаги транспорт воситаларини қувиб ўтиш таъқиқланади.

27. Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчасини ёқиб тўхтаб турган транспорт воситасига яқинлашаётган ҳайдовчилар зарур бўлган ҳолларда ҳаракатланиш тезлигини дарҳол тўхташ имкониятини берадиган даражада камайтиришлари шарт.

28. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар транспорт воситаларида қуйидаги ҳолларда ёқилган бўлиши керак:

йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишлари олиб борилаётганда, шунингдек, шикастланган, носоз транспорт воситаларини ортишда, ташишда;
йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган, шунингдек, оғир вазн ва катта ҳажмли ҳамда хавфли юкларни ташиётган транспорт воситаларини кузатиб боришда;
портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив моддаларни ва заҳарли даражаси ўта юқори бўлган моддаларни ташишда;
умумий фойдаланишдаги транспорт воситаси йўлларида велосипедчиларнинг ташкилий жамланмасини кузатиб боришда.

Ёқилган зарғалдоқ ва (ёки) сариқ рангли маёқча ҳаракатланишда имтиёз бермайди ва йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини фақат хавф ҳақида огоҳлантиради.

29. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли ялт-ялт этувчи маёқчалари ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари йўл қурилиши, таъмирланиши ва тозаланиши жараёнида ҳамда техник шикастланган, носоз бўлган, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда бошқа транспорт воситаларини ортишда, ташишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг йўл белгилари (2.2, 2.4 — 2.6, 3.11 — 3.14, 3.17.2, 3.20 йўл белгиларидан ташқари), йўл чизиқлари ҳамда 67 — 71 ва 121-бандлари талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган, оғир вазн ва катта ҳажмли юк ташиётган транспорт воситаларининг ҳамда уларни кузатиб келаётган зарғалдоқ ёки сариқ рангли ялт-ялт этувчи маёқчалари ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл чизиқлари талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракати қоидаларига иловалар / Йўл ҳаракати қоидаларининг белгилари

Йўл ҳаракати қоидалари



UzPdd.uz ©