Ўзбек тилида кирилл-лотин ва лотин-кирилл алифбосига ўзгартириш хизмати


Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидалари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига 1-ИЛОВА

2. Ҳайдовчиларнинг умумий вазифалари

7. Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидаги ҳужжатларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда уларга текшириш учун бериши шарт:

тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини, унинг талонини (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса), ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда вақтинча рухсатномани;
вақтинча рухсатнома билан транспорт воситасини бошқаришда ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни;
транспорт воситасини (мопеддан ташқари), мавжуд бўлганда тиркамани рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномани;
транспорт воситасининг эгаси бўлмаган ҳолларда эса, умумий эгалик ҳуқуқини ёки тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи, эгалик қилишга ва фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) бундан мустасно;
транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини (электрон кўринишда ҳам бўлиши мумкин).

«Ногиронлиги бўлган шахс» таниқли белгиси ўрнатилган транспорт воситасини биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётганда ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатни;
қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда лицензия гувоҳномасини, юридик шахс томонидан берилган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани ёки йўл варақасини, ташилаётган юк ҳужжатларини;
юридик шахслар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати.

Хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчилари эса қўшимча:

«Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятнома»ни;
ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситасининг мажбурий йиғим қабул қилинганлиги ҳақидаги квитанцияни.

ДЙҲХХ ходимлари томонидан қуйидаги ҳужжатлар планшет орқали текширилади:

автомототранспорт воситасидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тўғрисидаги ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган бўлса);
автотранспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома;
транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот.

Механик транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёхуд консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси мавжуд бўлган тақдирда, унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжати, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (юридик шахс томонидан берилган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ёки йўл варақаси, ташилаётган юкнинг ҳужжатлар бундан мустасно), транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ҳайдовчидан талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёхуд консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси ёнида бўлган ҳайдовчиларнинг:

ҳайдовчилик гувоҳномаси;
транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳномаси;
транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари;
автотранспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома;
транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотни;
транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси планшет орқали текширилади (планшетда аниқлаш имкони бўлмаган ҳамда фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно).

8. Ҳайдовчи тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шарт:

«А» — мопед, мотоцикл ва уларга тенглаштирилган мототранспорт воситалари;
«B» — рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ошмайдиган ёки ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлмаган, шунингдек, улар базасида ишлаб чиқарилган қўл билан бошқариладиган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлмаган «B» тоифадаги автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган лекин «B» тоифадаги автотранспорт воситасининг аслаҳаланган вазнидан ортиқ бўлмаган ва автотранспорт воситалари таркибининг рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ортиқ бўлмаган тиркамали «B» тоифадаги автотранспорт воситалари;
«C» — рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлмаган «C» тоифадаги автотранспорт воситалари;
«D» — йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлмаган «D» тоифадаги автотранспорт воситалари;
«BЕ» — тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ ёки тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни жиҳозланган автотранспорт воситасининг вазнидан ортиқ бўлган «B» тоифадаги автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ лекин транспорт воситалари таркибининг рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ортиқ бўлмаган «B» тоифадаги автотранспорт воситалари;
«CЕ» — тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган «C» тоифадаги автотранспорт воситалари;
«DЕ» — тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган «D» тоифадаги автотранспорт воситалари ҳамда бўғимли автобуслар.

Трамвай ҳайдовчисига фақат трамвай, троллейбус ҳайдовчисига фақат троллейбус бошқаришга рухсат этилади.

Тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса унинг талони мавжуд бўлганда, ўзига тегишли бўлмаган транспорт воситасини, унинг эгаси ёнида бўлганида ёхуд автомототранспорт воситасидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш тўғрисидаги ишончномаси бўлган шахс иштирокидагина (уларнинг розилиги билан) бошқариш мумкин, агар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ёки транспорт воситасини бошқараётган шахс суғурта полисида кўрсатилган бўлса.

Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ушбу транспорт воситасидан мустақил фойдаланиши ва бошқариши мумкин.

9. Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт.

Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади:

автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар (ушбу Қоидаларнинг 159-бандига мувофиқ);
ўқув-машқ транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори;
ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда);
хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчиси ва йўловчилари.

Мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт.

10. Республика ҳудудида ҳаракатланаётган хорижий давлат фуқароси бошқарувидаги механик транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида йўл ҳаракати ҳақидаги Конвенция талабларига мос келадиган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспорт воситасининг (тиркама бўлса унга ҳам) рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат, транспорт воситасида (тиркама бўлса унда ҳам) рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси ва у рўйхатдан ўтган давлатнинг таниқлик белгиси бўлиши шарт.

Халқаро йўлларда юкларни ташишни амалга ошираётган хорижий давлат фуқароси ҳисобланган ҳайдовчи тегишли йўл белгиси билан махсус жиҳозланган назорат пунктларида транспорт соҳасини назорат қилиш бўйича ваколатли ходимларнинг талабига мувофиқ тўхташи ва транспорт воситасини, шунингдек, рухсатномани ва халқаро келишувларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни текшириш учун уларга бериши шарт.

11. Транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларга мажбурдир:

а) йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши;
б) ҳаракатланиш вақтида транспорт воситасининг техник созлигини таъминлаши;
в) ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчилар транспорт воситасида жойларини эгаллаганлигига, транспорт воситасининг эшиклари ёпилганлигига, йўловчилар ташиш учун махсус жиҳозланган юк транспорт воситаларида йўловчилар ташиётганда Қоидаларнинг 24-банди талаблари бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши;
г) ҳаракатланиш жараёнида бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига, айниқса, пиёдалар, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши;

д) йўловчиларни қуйидагилар ҳақида огоҳлантириши шарт:

ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги;
транспорт воситаси ҳаракатланишни бошлашидан олдин хавфсизлик камарларини тақишлари (ушбу Қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ), мотоцикл, мопед ва скутерда ҳаракатланаётганда эса мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарурлиги;
е) сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиши (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари);
ё) ИИО ходимларининг талабига кўра мастлик ҳолатини аниқловчи махсус текширув ёки алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиши;
ж) ҳаракатланиш вақтида авария ҳолатини юзага келтирмасликлари;

з) қуйидаги ҳолларда фойдаланиш учун транспорт воситасини бериши шарт:

ИИО, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган холларда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажариш учун, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли шикастланган ёки носоз транспорт воситаларини олиб кетиш (шатакка олиш) учун (фақат юк автомобилидан);
йўлакай йўналишда кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга кетаётган тиббиёт ходимларига ҳамда зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун.

Хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига ҳамда халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситалари, шунингдек ёнғин учириш, конвой, инкассатор хизматларининг транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Транспорт воситасидан фойдаланган шахс ҳайдовчи талаб қилганда йўл варақасига юрилган вақтни, босиб ўтилган масофани, ўз исми-фамилияси, мансаби, иш жойи номини, йўл варақаси бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда маълумот ёки хабар ёзиб бериши керак.

Транспорт воситаларини текшириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳайдовчининг талабига мувофиқ ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт.

Хизмат вақтида ҳайдовчига етказилган моддий ва маънавий зарар унинг талабига кўра қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиклаб берилади;
и) қонунчилик ҳужжатларида талаб қилинган ҳолларда вазн ва ҳажм параметрларини ўлчаш учун назорат жойлари (пункт)дан ўтиши.

12. Ҳайдовчига қуйидагилар таъқиқланади:

транспорт воситасини спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш;
ҳар қандай мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бўлган, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, йўл варақасида ёки транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида исм-фамилияси кўрсатилмаган (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ҳоллардан ташқари) шахсларга транспорт воситасини бошқариш учун топшириш;
тормоз тизими, руль бошқаруви ишламаётган, улагич мосламаси (автопоезд таркибида) носоз бўлган, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриниш чекланган вазиятларда ёнмайдиган фара чироқлари ва орқа габарит фара чироқлари, ёмғир ёки қор ёғаётган вақтда ойна тозалагич ишламайдиган транспорт воситасини бошқариш;
тегишли рухсатсиз транспорт воситаларига махсус техник жиҳоз (рация, сирена ва шу кабилар)лар ўрнатиш;
транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси, шу жумладан пиёдалар жамланмалари ҳаракатига халақит бериш ва улар орасига кириш;
транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан (телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш бундан мустасно), транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган теле, видеомонитордан теле, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш;
аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларни ҳамда двигатель шовқинини белгиланган меъёрдан баланд овозда қилиб фойдаланиш.

Ҳаракатланиш вақтида ушбу Қоидаларга 3-иловада кўрсатилган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар юзага келганда, ҳайдовчи уларни бартараф этиши, агар бунинг иложи бўлмаса, зарур бўлган эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда таъмирлаш ёки тўхтаб туриш жойига эвакуатор ёки шатакка олиш орқали транспорт воситасини олиб бориш чораларини кўриши мумкин.

Йўл ҳаракати қоидаларига иловалар / Йўл ҳаракати қоидаларининг белгилари

Йўл ҳаракати қоидалари



UzPdd.uz ©