Onews.uz - Ўзбек тилида қисқа ва лўнда янгиликлар


Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидалари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига 1-ИЛОВА

28. Велосипед, мопед ва аравалар ҳаракатланишига, шунингдек ҳайвонларни ҳайдаб ўтишга доир қўшимча талаблар

165. Йўлда велосипед, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини ва аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган, мопед ва скутерни бошқариш эса 16 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади.

166. Велосипедлар, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, мопедлар, аравалар, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, аравалар жамланмаси, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонлар гуруҳлари ва ҳайдаб кетилаётган ҳайвонлар тўдаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак.

167. Велосипед индивидуал ҳаракатланиш воситалари товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Сутканинг қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ёки чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ёки чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Индивидуал ҳаракатланиш воситалари олд томонидан фара чироқлари ва орқа томонида огоҳлантириш чироқлари ёки нур қайтаргичлар билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шарт.

Ушбу нур қайтарувчи элементли парчалар бошқа ҳайдовчилар томонидан кўриниши таъминланиши керак.

168. Велосипедчилар ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно);

одам ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган велосипеддаги қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган болани ташиш бундан мустасно);
габаритидан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш;

велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш;

трамвай ҳаракатланадиган йўлларда ва шу йўналишда ҳаракатланиш учун бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш;

йўлнинг қатнов қисмидан, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойидан велосипедларни ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариб кесиб ўтиш (велосипед йўлакларида ҳаракатланиш бундан мустасно).

Велосипедларни ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини шатакка олиш, шунингдек, улардан шатакка олишда фойдаланиш тақиқланади (велосипедга мўлжалланган тиркамаларни шатакка олиш бундан мустасно).

169. Чорраҳадан ташқаридаги тартибга солинмаган велосипед йўлкаси билан йўл кесишмасида велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари йўлда ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситаларига йўл беришлари керак.

Велосипед йўлкаси ва пиёдалар йўлкаси (тротуар) ўзаро кесишган ҳолатларда велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситаси пиёдага йўл бериши керак.

170. От-араваларда уларни тўхтатиб турадиган мослама ва орқага тисарилиб кетишга йўл қўймайдиган тиргаклар бўлиши керак.

Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳаракатланганда от-араванинг олд томонига оқ рангли чироқ ёки иккита нур қайтаргич, орқа томонига эса қизил рангли чироқ ёки иккита нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Ёндош ҳудуддан ёки иккинчи даражали йўлдан кўриниши чекланган жойларда йўлга чиқаётган арава ҳайдовчиси ҳайвонларнинг жиловини қўйиб юбормаслиги керак.

171. Ҳайвонларни йўлда, асосан сутканинг ёруғ вақтида ҳайдаб борилиши керак. Подачилар ҳайвонларни мумкин қадар йўлнинг йўл ёқасида олиб юришлари керак.

172. Ҳайвонларни темир йўл кесишмалари орқали ҳайдаб ўтишда подачилар сонини ҳисобга олган ҳолда ҳайвонлар подаси хавф-хатарсиз ҳайдаб ўтилиши таъминланадиган тўдаларга бўлиниши керак.

173. Аравани бошқараётган, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни, подани ҳайдаб кетаётган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

йўлларда ҳайвонларни назоратсиз қолдириш;

подани темир йўлдан ва йўлда махсус ажратилмаган жойлардан, шунингдек рухсат этилган жойларда эса сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳайдаб ўтиш;

бошқа йўллар бўлганда ҳайвонларни мукаммал қопламали йўлларда ҳайдаб бориш;

кўкаламзорлаштирилган жойларда (йўл, йўл ёқаси, ажратувчи минтақа ва бошқалар) ҳайвонларни боқиш ва боғлаб қўйиш.

Йўл ҳаракати қоидаларига иловалар / Йўл ҳаракати қоидаларининг белгилари

Йўл ҳаракати қоидалари



UzPdd.uz ©