109. Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қатнов қисмининг шу йўналишини кесиб ўтаётган пиёда(лар)ни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи шарт.
110. Агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни тасмаларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёда(лар) йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.
111. Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёда(лар)га қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак.
112. Пиёдалар ўтиш жойларидан кейин пайдо бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида тўхташга мажбур бўладиган бўлса, пиёдалар ўтиш жойига кириш тақиқланади.
113. Барча ҳолларда, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида ҳам ҳайдовчи оқ ҳасса билан ишора бераётган кўзи ожиз пиёда(лар)ни ўтказиб юбориши керак.
114. Агар йўловчиларни тушириш ёки чиқариш қатнов қисмида ёки унда жойлашган майдончада амалга оширилаётган бўлса, ҳайдовчи бекатда тўхтаган йўналишли транспорт воситаси эшиклари томон бораётган ёки ундан келаётган пиёда(лар)га йўл бериши керак.
115. «Болалар гуруҳини ташиш» таниқлик белгиси ўрнатилган, авария ишораси ёқилган транспорт воситаси тўхтаганда, унга яқинлашаётган ҳайдовчи ҳаракат тезлигини камайтириши, зарур бўлса, тўхташи ва болаларни ўтказиб юбориши шарт.
17.1-боб. ЙЎНАЛИШЛИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ УЧУН АЛОҲИДА АЖРАТИЛГАН ТАСМАСИ БОР ЙЎЛ ОРҚАЛИ ҲАРАКАТЛАНИШ
115.1. Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорти воситалари ҳаракатланиши мумкин ва бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакда ҳаракатланиши тақиқланади, бундан тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари мустасно.
115.2. Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош ҳудуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.
Бунда транспорт воситаси мазкур йўлакда ҳаракатланиб келаётган йўналишли транспорт воситаси ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги ва унга йўл бергандан сўнг ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш ҳаракатини амалга оширишига рухсат этилади.