Ўзбек тилида кирилл-лотин ва лотин-кирилл алифбосига ўзгартириш хизмати


Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидалари

Йўл ҳаракати қоидаларига 3-ИЛОВА | Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар

1. ТОРМОЗ ТИЗИМЛАРИ

1.1. Тормоз тизимининг конструкцияси ўзгартирилса, ишлаб чиқарган корхона талабига мос келмаса ёки транспорт воситасининг шу турида кўзда тутилмаган тормоз суюқлиги ёки бошқа қисмлар қўлланилса.
1.2. Ишчи тормоз тизимининг самарадорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентида белгиланган талабларга мос келмаса.
1.3. Гидравлик тормоз юритмасининг зичлиги (герметиклиги) бузилган бўлса.
1.4. Двигатель ишламай турганда пневматик ёки пневмогидравлик тормоз юритмасининг зичлигини бузилиши, бошқарув қисмлари уланмаганда — 30 дақиқада, уланганида — 15 дақиқада тизимдаги ҳаво босимини 0,05 МП дан кўпга пасайишига сабаб бўлса. ўилдираклардаги тормоз камераларидан сиқилган ҳаво чиқаётган бўлса.
1.5. Пневматик ёки пневмогидравлик тормоз юритмасининг манометри ишламаса.
1.6. Тўхтаб туриш тормоз тизими транспорт воситаларини қуйидаги жойларда ҳаракатсиз ҳолатда ушлаб тура олмаса:

- тўла аслаҳаланган ҳолатда транспорт воситаларини 16 фоиздан кам бўлмаган қияликда;
- М тоифа учун 25 фоиз, N тоифа учун 31 фоиз.

Изоҳ:
Тўхтаб туриш тормоз тизими синовдан ўтказилаётганда двигатель трансмиссиядан ажратилган бўлиши керак.

2. БОШҚАРУВ ҚУРИЛМАСИ

2.1. Бошқарув қурилмасидаги люфт йиғиндиси регламент (қатъий белгиланган) шароитлардаги синовларда қуйидаги кўрсаткичдан катта бўлмаслиги керак:

Транспорт воситасининг тоифаси | Йўл қўйилган люфт кўрсатгичи (градусда)

М1 | 10
М2, М3, N1 | 20
N2, N3 | 25

2.2. Детал ва боғламларнинг Конструкцияда кўзда тутилмаган қўзғалишлари бор. Резбали бирикмалар тегишли равишда маҳкамланмаган ёки ўрнатилган усулда қотирилмаган. Рул колонкасининг қулфловчи мосламаси ишламаса.
2.3. Бошқарув қурилмасининг конструкциясида кўзда тутилган кучайтиргич ёки мотоциклларда тебранишни пасайтирувчи мослама (демпфер) носоз бўлса ёки умуман бўлмаса.
2.4. Бошқарув қурилмасида қолдиқ деформация излари, дарз кетган жойлари ва бошқа нуқсонлари бўлган қисмлар ўрнатилган, шу транспорт воситаси турида кўзда тутилмаган ёки ишлаб чиқарган корхона талабига мос келмайдиган қисмлар ва суюқликлар қўлланган бўлса.

3. ТАШҚИ ЁРИТҚИЧЛАР

3.1. Ташқи ёритқичлар сони, тури, жойлашуви ва ишлаш тартиби транспорт воситасининг конструкцияси талабига мос келмаса.

Ишлаб чиқарилиши тўхтатилган енгил автомобилларга бошқа турдаги ва русумдаги транспорт воситаларининг ташқи ёритқичларини ўрнатишга рухсат этилади.

3.2. Ёритувчи чироқ нурининг йўналиши бузилган бўлса.
3.3. Агар ташқи ёритқичлар ва нур қайтаргичлар белгиланган тартибда ишламаётган ёки ифлосланган бўлса.
3.4. Ёритиш асбобларида нур сочувчиси бўлмаса ёхуд тегишли ёруғлик асбоблари турига мос бўлмаган нур сочувчи ва лампалардан фойдаланилган бўлса.
3.5. Ялт-ялт этувчи чироқ маёқчаларнинг ўрнатилиши, уларнинг маҳкамланиши ва ёруғлик ишоранинг кўриниши белгиланган талабларга жавоб бермаса.
3.6. Транспорт воситасида қуйидагилар:

- олд қисмида — оқ ёки сариқ рангдан бошқа рангли туманга қарши фаралар, сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли бурилиш кўрсатгичлари, оқ рангдан бошқа рангли нур қайтаргичлар ўрнатилган бўлса;
- орқа қисмида — оқ ёки сариқ рангдан бошқа рангли орқага ҳаракатланиш, оқ рангдан бошқа рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиларини ёритувчи чироқлар, сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли бурилиш кўрсатгичлари, қизил рангдан бошқа рангли бошқа ташқи ёритқичлар, қизил рангдан бошқа рангли нур қайтаргичлар ўрнатилган бўлса;
- ён қисмида — сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли ёритқичлар, сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли нур қайтаргичлар ўрнатилган бўлса.

4. ОЙНА ТОЗАЛАГИЧ ВА ОЙНА ЮВГИЧЛАР

4.1. Ойна тозалагич белгиланган тартибда ишламаётган бўлса.
4.2. Транспорт воситасининг конструкциясида кўзда тутилган ойна ювгич ишламаётган бўлса.

5. ҒИЛДИРАК ВА ШИНАЛАР

5.1. Шина протектори нақшларининг қолдиқ баландлиги N2, N3, О3, О4 тоифадаги автотранспорт воситалари учун — 1,0 мм дан кам бўлса;
- М1, N1, О1, О2 тоифадаги автотранспорт воситалари учун — 1,6 мм дан, кам бўлса;
- М2, М3 тоифадаги автотранспорт воситалари учун — 2,0 мм дан кам бўлса;
- мотоцикл ва мопедлар (скутерлар, квадроцикллар) учун — 0,8 мм дан кам бўлса.

Изоҳ: тиркамалар шинаси нақшларининг қолдиқ баландлиги шатакчи транспорт воситаси шиналари учун белгиланган меъёр кабидир.

5.2. Шиналарда корд кўринишига олиб келган ташқи нуқсонлар (тешилган кесилган, ёрилган), ҳамда каркас қатламлари ажралган, протектор ва ён қисмлари кўчган бўлса.
5.3. Қўшалоқ шиналар орасига хавф-хатар туғдирувчи бегона жисмлар қисилиб, тиқилиб қолган бўлса.
5.4. Шина ўлчамлари ёки чекланган оғирлик транспорт воситасининг турига мос келмаса.
5.5. Транспорт воситасининг битта ўқига ҳар хил ўлчамли ва конструкцияли (диоганал ва радиал, камерали ва камерасиз), ҳар хил нақшли, совуққа чидамли ва чидамсиз, янги ва қайта тикланган, янги ва протектор нақши чуқурлаштирилган шиналар ўрнатилган бўлса.
5.6. N2 ва N3 тоифадаги капотсиз тузилишли магистрал тягач (шатакчи) ларнинг олдинги ўқига ва М3 тоифани II ва III классдаги автотранспорт воситаларини олдинги ўқига қайта тикланган шиналар, бошқа ўқига эса иккинчи таъмирлаш класси бўйича қайта тикланган шиналар ўрнатилган бўлса.
5.7. М1, М2, М3 тоифаларни I классидаги автотранспорт воситаларини олдинги ўқига, М3 тоифани II ва III классидаги автотранспорт воситаларини ўрта ва орқа ўқларига иккинчи таъмирлаш класси бўйича қайта тикланган шиналар ўрнатилган бўлса.
5.8. Ғилдиракни маҳкамловчи болт (гайка) бўлмаса, диск ва ғилдирак ободлари дарз кетган бўлса ёки маҳкамлаш тешикларининг шакли ва ўлчамлари кўринадиган даражада бузилган бўлса.

6. ДВИГАТЕЛЬ

6.1. Ишлаб чиқарилган газлар таркибида зарарли моддалар ёки туташ даражаси белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса.
6.2. Ёнилғи узатиш тизими зич бўлмаса.
6.3. Ишлаб чиқарилган газларни чиқариб ташлаш тизими бузуқ бўлса.
6.4. Картерни шамоллатиш тизимининг зичлиги бузилган бўлса.

7. ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ КОНСТРУКЦИЯСИНИНГ БОШҚА ҚИСМЛАРИ

7.1. Орқа томонни кўрсатувчи кўзгулар сони, жойлашуви ва тури белгиланган талабларга мос келмаса, транспорт воситасининг конструкциясида кўзда тутилган ойналари бўлмаса.
7.2. Товуш ишораси ишламаса.
7.3. Ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса.
7.4. Барча турдаги транспорт воситалари олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70%дан кам бўлса, автомобиль томидаги люк ойнаси, шунингдек, ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситаларининг ойналари бундан мустасно.

Изоҳ. III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилади.

7.5. Конструкциясида кўзда тутилган юкхона ёки кабина эшикларининг қулфлари, юк платформаси бортларининг ёпқичлари, цистерналар оғзининг қулфлари ва ёнилғи идишининг қопқоқлари, ҳайдовчи ўриндиғи ҳолатини созловчи қурилма, автобусда фалокат юз берган вақтида эшикларни очиш мосламаси ва тўхтатиш талаби ишораси, автобус салонини ёритиш асбоблари, фалокат юз берган вақтда чиқиш жойлари ва уларни ҳаракатга келтирувчи мосламалари, эшикларни очиш ва ёпиш қурилмалари, спидометр, тахограф, ойналарни иситувчи ва шамоллатувчи мосламалари ва ҳайдаб олиб қочишга қарши мосламалари ишламаса.
7.6. Спидометр қурилмаси носоз ва тамғаланмаган (шахсий транспорт воситалари, мотоцикл ва мопедлардан ташқари) бўлса.
7.7. Транспорт воситаси конструкциясида кўзда тутилган орқа ҳимоя воситаси, лой тўсгич ва сачратмагичлар бўлмаса.
7.8. Ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган антенна, сирена, рация, товуш чиқариш мосламалари, ёритқичлар ва бошқалар белгиланмаган жойда ва тегишли рухсатсиз ўрнатилса.
7.9. Тиркама бўғимининг тортиш-тиркаш ёки таянч-тиркаш мосламаси носоз бўлса ҳамда кўзда тутилган эҳтиёт пўлат арқон (занжир) бўлмаса ёки носоз бўлса. Мотоцикл рамаси билан ён кажава рамаси маҳкамланган жойда люфт бўлса.
7.10. Транспорт воситалари қуйидагилар билан жиҳозланмаган бўлса:

- М2, М3 тоифадаги — фавқулодда ҳолатларда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача, тиббиёт қутичаси, 2 та ўт ўчиргич (биттаси ҳайдовчининг кабинасида, иккинчиси — йўловчилар салонида), мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет);
- М1, N1, N2, N3 тоифадаги, микроавтобус ва ғилдиракли тракторларда тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет);
- М3, N2, N3 тоифадаги — ўзи юриб кетишидан сақловчи, ғилдирак диаметрига мувофиқ (камида иккита) тиргак;
- О тоифадаги, тракторлар, аравалар ва бошқа ўзиюрар машиналарда — ташқи нур қайтаргичлар;
- кажавали мотоциклларда — тиббиёт қутичаси, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги.

7.11. Икки ғилдиракли мотоцикл конструкциясида кўзда тутилган хавфсизлик ёйи (дуга) бўлмаса.
7.12. Мотоцикл ва мопедларда конструкциясида кўзда тутилган оёқ тирагич, эгарида йўловчи учун кўндаланг тутқич бўлмаса.
7.13. Конструкциясида кўзда тутилган хавфсизлик камарлари ва ўриндиқларнинг бош суянчиқлари бўлмаса.
7.14. Хавфсизлик камарлари ишламаса ёки кўринадиган узуқ-юлуқ шикастланган бўлса.
7.15. Транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ёки уларни ўрнатиш усули белгиланган талабларга жавоб бермаса.

Транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса.

7.16. Ярим тиркамада таянч мосламаси, таянчларни транспорт ҳолатида қулфловчи мослама, таянчларни кўтариш ва тушириш мосламаси бўлмаса ёки носоз бўлса.
7.17. Эҳтиёт (захира) ғилдиракни ушлаб тургич, лебёдка ва эҳтиёт ғилдиракни кўтариш — тушириш қурилмаси ишламаса. Лебёдканинг храпли қурилмаси барабанни маҳкамлаш канати билан қулфламаётган бўлса.
7.18. Двигатель, узатмалар қутиси, редукторлар, орқа кўприк, илашиш (сцепление) тишлашиш қурилмаси, аккумулятор батареяси, совутиш ва кондиционер тизимлари ва транспорт воситасига қўшимча ўрнатиладиган гидравлик қурилмаларнинг (мосламаларнинг) бирикмалари ва зичлагичларининг зичлиги бузилган бўлса.
7.19. Газли таъминлаш тизими билан жиҳозланган автобус ва автомобил газ баллонларининг ташқи томонида кўрсатилган техник кўрсатгичлар техник паспортдаги маълумотларга мос келмаса, охирги ва режалаштирилаётган текширувларнинг санаси бўлмаса.
7.20. Транспорт воситаларининг ташқи юзасига қонун ҳужжатларига мос келмайдиган, ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи турли хил тасвирлар туширилган, ойналарига (люкдан ташқари) реклама чизилган (қопланган) бўлса.
Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан кўзда тутилмаган ҳолларда кузов (кабина) бир неча хил рангга бўялган бўлса (махсус транспорт воситалари бундан мустасно).
7.21. Транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган бўлса, ёхуд транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли график чизмалар, ёзувлар ва белгилар бўлса.
7.22. ДЙХХХ органларининг рухсатисиз транспорт воситаларининг конструкциясига ўзгартиришлар киритилган бўлса.

Транспорт воситаларига бошқа турдаги буферлар, молдинглар, қопламалар, ғилдирак қопқоқлари ва ҳ. к. ни ўрнатилишига рухсат этилади.

Ушбу иловада Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентида белгиланган автотранспорт воситаларини таснифи (классификацияси) келтирилган:

- М тоифаси — камида тўрт ғилдиракка эга бўлган ва йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган механик транспорт воситалари, шу жумладан:
- М1 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари.
- М2 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т гача бўлган автотранспорт воситалари.
- М3 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган автотранспорт воситалари.

М2 ва М3 тоифалардаги автотранспорт воситалари қуйидаги классларга мансуб:

а) уч классдан (I, II, III) биттасига ёки бир нечтасига;
в) икки классдан (А,В) биттасига.

Класс I — йўловчилар салонда бемалол юриши мақсадида конструкциясида туриб кетадиган йўловчилар учун жойлар кўзда тутилган автотранспорт воситалари.

Класс II — конструкцияси асосан ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган ва қаторлар орасида ва (ёки) иккита бирлашган ўриндиқ учун ажратилган жой чегарасидан чиқмасдан жойлашиб, туриб кетадиган йўловчиларни ҳам ташиш кўзда тутилган автотранспорт воситалари.

Класс III — конструкцияси фақат ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган автотранспорт воситалари.

Класс А — туриб кетадиган йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари; бу классдаги транспорт воситалари ўриндиқлар билан жиҳозланган ва уларда туриб кетадиган йўловчиларни ташиш кўзда тутилган.

Класс В — туриб кетадиган йўловчиларни ташиш учун мўлжалланмаган автотранспорт воситалари.

Микроавтобуслар йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, ҳайдовчидан ташқари 16 гача ўтирадиган йўловчи учун жой бўлган В классдаги автотранспорт воситаси.

N1 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

N3 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

О тоифаси — тиркамалар (ярим тиркамалар ҳам).

О1 тоифаси — энг катта вазни 0,75 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О2 тоифаси — энг катта вазни 0,75 т дан ортиқ, лекин 3,5 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О3 тоифаси — энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 10 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О4 тоифаси — энг катта вазни 10 т дан ортиқ бўлган тиркамалар.


UzPdd.uz ©