Onews.uz - Ўзбек тилида қисқа ва лўнда янгиликлар


Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидалари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига 1-ИЛОВА

1. Умумий қоидалар

1. Ушбу Йўл ҳаракати қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракатининг ягона тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси йўлларида транспорт воситаларининг ўнг томонлама ҳаракатланиш тартиби белгиланган.

3. Йўл ҳаракати иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонунини, ушбу Қоидаларни ва уларда келтирилган светофор ишоралари, йўл белгилари (ушбу Қоидаларга 1-илова), йўл чизиқларининг (ушбу Қоидаларга 2-илова) талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек, уларга берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шарт.

4. Йўл ҳаракати иштирокчилари йўлдаги бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмасликлари керак.

Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки унга зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни, шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи қурилма ва нарсаларни қолдириш, тегишли рухсатсиз йўлнинг қатнов қисмига тўсиқлар ўрнатиш ёки уларни тўсиб қўйиш, «сунъий нотекислик» қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади.

Ҳаракатланишга тўсқинликни юзага келтирадиган шахс уни тезда бартараф қилиш учун имконияти даражасида барча чораларни кўриши, агар бунинг иложи бўлмаса, мавжуд барча воситалар билан хавф-хатар ҳақида йўл ҳаракати иштирокчиларини огоҳлантириши ва ички ишлар органларига (кейинги ўринларда — ИИО) хабар бериши шарт.

5. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

6. Қоидаларда қуйидаги асосий тушунча ва атамалардан фойдаланилади:

авария ҳолатини юзага келтириш — йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини ҳаракат йўналиши ёки тезлигини кескин ўзгартиришга, шунингдек, ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилиш;

автомагистраль — 5.1. йўл белгиси билан белгиланган, ҳар бир йўналишнинг қатнов қисмлари ажратувчи минтақа билан ажратилган (у бўлмаганда, йўл тўсиқлари билан) ҳамда бошқа йўллар, трамвай ва темир йўллар, пиёда ва велосипед йўлкалари билан бир сатҳда кесишмайдиган йўл;

автопоезд — улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ҳамда тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби;

ажратувчи минтақа — йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан кўтарилган ёки майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган баланд қисми;

арава — отга (ёки бошқа ҳайвонларга) қўшиб тортиладиган ёки одам мушак кучи билан ҳаракатга келтириладиган двигатель билан жиҳозланмаган, юк ташишга мўлжалланган қурилма;

асосий йўл — тупроқли ёки шағалли йўлга нисбатан қаттиқ қопламали (асфальт, цемент-бетонли ва шунга ўхшашлар ётқизилган), кесишаётган ёки туташган йўлга нисбатан 2.1, 2.3.1 — 2.3.3 ёки 5.1 йўл белгилари билан белгиланган ёхуд ёндош ҳудуддан чиқадиган йўлга нисбатан ҳар қандай йўл. Иккинчи даражали йўлнинг бевосита чорраҳага туташ қисмининг қопламали бўлиши уни асосий йўл билан тенг ҳуқуқли қилмайди;

аҳоли пункти — кириш ва чиқиш йўллари 5.22 — 5.25 йўл белгилари билан белгиланган ҳудуд;

болалар гуруҳини ташкилий ташиш — йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда саккиз ва ундан ортиқ болаларнинг ташкил этилган тартибда ташилиши;

велосипед — камида иккита ғилдиракка эга бўлган ва одатда миниб олган шахс(лар)нинг мускул кучи билан, хусусан, тепкилар ёки дастаклар ёрдамида ҳаракатлантириладиган транспорт воситаси (ногиронлиги бўлган шахслар кажавасидан ташқари). Велосипед номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан, тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган двигателга эга бўлиши мумкин;

велосипедчи — велосипедни бошқарадиган шахс;

велосипед йўлкаси — алоҳида йўл ёки конструктив жиҳатдан қатнов қисми ва тротуардан ажратилган йўлнинг таркибий қисми бўлиб, тегишли йўл белгиси билан белгиланади;

велосипедчилар учун тасма — йўлнинг бошқа қисмларидан йўл чизиғи билан ажратилган, тегишли йўл белгилари билан белгиланган йўл қисми бўлиб, фақат велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган;

гибрид автомобиль — ички ёнув двигатели ва (ёки) ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи электр мотор ёрдамида ҳаракатланувчи транспорт воситаси;

етарлича кўринмаслик — ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш шароитларда, шунингдек, куннинг ғира-шира вақтида йўлнинг кўриниш масофаси 300 метрдан кам бўлиши;

ёндош ҳудуд — бевосита йўлга туташган ва транспорт воситалари ўтиб кетиши учун мўлжалланмаган ҳудуд (ҳовлилар, маҳаллалар, турар жой даҳалари, транспорт воситаси тўхтаб туриш жойлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, корхона ва шунга ўхшашлар).

Ёндош ҳудуддан чиқаётган транспорт воситалари барча йўл ҳаракати иштирокчиларига йўл бериши шарт;

имтиёз — мўлжалланган йўналишда бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан олдин ҳаракатланиш ҳуқуқи;

индивидуал ҳаракатланиш воситалари — двигатель (двигателлар) (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ва бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспорт воситаси;

йўл — транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланиши учун жиҳозланган, мослаштирилган ҳамда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган, йўл объектлари мажмуасини жойлаштириш учун ажратилган ер участкалари ҳамда ер участкалари устидаги бўшлиқ йўл.

Йўллар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига (бундан буён матнда умумий фойдаланишдаги йўллар деб юритилади), туманлар (шаҳарлар), шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг кўчаларига, хўжалик йўлларига, шаҳар электр транспорти йўлларига, велосипед ва пиёдалар йўлкаларига ажратилади.

Қишлоқ жойлардан ўтадиган ва хўжаликларни ўзаро боғлайдиган йўллар хўжаликлараро қишлоқ йўлларидир;

йўловчи — транспорт воситасидаги (ҳайдовчидан ташқари) шахс, шунингдек, транспорт воситасига кираётган (унга чиқиб ўтираётган) ёки транспорт воситасидан чиқаётган (ундан тушаётган) шахс;

йўл бериш (тўсқинлик қилмаслик) — йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан имтиёзи бўлган бошқа йўл ҳаракати иштирокчисининг ҳаракат йўналиши ёки тезлигини ўзгартиришга мажбур этиши мумкин бўлган ҳолларда, ҳаракатни давом эттирмаслигини ёки бошламаслигини, бирор-бир манёвр бажариши мумкин эмаслигини билдирувчи талаб;

йўл ёқаси — йўлнинг қатнов қисмига у билан бир сатҳда бевосита туташган, қоплама тури билан фарқ қиладиган ёки 1.1 йўл чизиғи ёрдамида ажратилган, ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш учун мўлжалланган бўлаги;

йўналишли транспорт воситаси — белгиланган йўналиши ва бекатлари бўлган, йўловчи ташиш учун мўлжалланган умумий фойдаланишдаги транспорт воситалари (троллейбус, трамвай, автобус, йўналишли такси);

йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиш жараёнида ва унинг иштирокида содир бўлган, фуқаролар вафот этган ёки уларнинг соғлиғига зарар етказилган, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланган ёхуд бошқа моддий зарар етказилган ҳодиса;

йўл ҳаракати — йўл ҳаракатини ташкил этишда йўллар доирасида транспорт воситалари ва йўл ҳаракати иштирокчилари иштирокида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар мажмуи;

йўл ҳаракати иштирокчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс;

йўл ҳаракатини ташкил этиш — йўлларда ҳаракатни бошқариш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий, ташкилий-техника тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи;

йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари — йўл ҳаракатини ташкил этиш учун мўлжалланган қурилмалар ва иншоотлар (йўл белгилари, ҳаракатланиш полосалари, светофорлар, милтилловчи маёқчалар, йўл чизиқлари, йўл устунлари, тўсиқлар, тезликни чекловчи қурилмалар, шлагбаумлар, хавфсизлик оролчалари, йўл ҳаракатини автоматик бошқариш тизимлари (воситалари), шунингдек, бошқа қурилмалар ва иншоотлар);

йўл ҳаракати хавфсизлиги — йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларининг олдини олишга, уларнинг оғир оқибатларини камайтиришга қаратилган фаолият;

кўриниши чекланган жойлар — жойлардаги паст-баландликлар, бурилишлар, ўсимликлар, дарахтлар, қурилишлар, иншоотлар ёки бошқа объектлар, шу жумладан, транспорт воситалари туфайли ҳаракатланиш йўналишида йўл кўринишининг чекланиши;

мажбурий тўхташ — техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди;

механик транспорт воситаси — двигатель билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси. Бу атама барча трактор ва ўзи юрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир;

мопед — двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси. Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишга мослаштирилган бошқа транспорт воситалари мопедларга тенглаштирилади;

мотоцикл — двигателининг иш ҳажми 50 см3 ва ундан ошадиган, конструктив тезлиги соатига 50 километр ва ундан ошадиган, ён тиркамасиз ёки ён тиркамали (кажавали) икки ёхуд уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси;

огоҳлантирувчи ишоралар — авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳаракат йўналишини ўзгартиришда, тўхтатишда қўлланиладиган ишоралар;

пиёда — транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган, велосипед, мопед, мотоцикл, электромотоцикл, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, чана, аравача ва болалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини етаклаган, шунингдек, ҳаракатланиш учун роликли конькилар, двигателсиз самокатлар ва бошқа шуларга ўхшаш воситалардан фойдаланаётган шахслар ҳам пиёдаларга тенглаштирилади;

пиёда ва велосипед йўлкаси — қатнов қисмидан ажратилган, велосипедчилар, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган шахсларнинг ва пиёдаларнинг алоҳида-алоҳида ёки биргаликда ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва 4.6.1 — 4.6.6 йўл белгилари ўрнатилган йўлнинг таркибий қисми ёхуд алоҳида йўл;

пиёдалар йўлкаси — пиёдалар ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган, тегишли йўл белгиси билан белгиланган алоҳида йўл ёки сунъий иншоот юзаси. Транспорт воситалари ҳаракати тақиқланган қисми;

пиёдаларнинг ташкилий жамланмаси — Қоидаларнинг 16-банди талабларига мувофиқ йўлда бир йўналишда биргаликда ҳаракатланаётган одамлар гуруҳи;

пиёдалар ўтиш жойи — қатнов қисмидаги 5.16.1, 5.16.2, 5.48 йўл белгилари ва 1.14.1 — 1.14.4 ёки 1.29.1 — 1.29.3 йўл чизиқлари билан белгиланган ва пиёдалар йўлни кесиб ўтишда ҳаракатланишлари учун ажратилган жой.

Йўл чизиқлари бўлмаса, пиёдалар ўтиш жойининг кенглиги 5.16.1 ва 5.16.2 йўл белгилари орасидаги масофа билан аниқланади;

пулли тўхтаб туриш жойи — тўлов асосида фойдаланиладиган тўхтаб туриш жойи;

реверсив ҳаракатланиш — қатнов қисмининг махсус ажратилган, 5.35 — 5.37 йўл белгилари, 1.9 йўл чизиғи билан белгиланган ва устида реверсив светофор ўрнатилган бўлагида ҳаракатланиш йўналишининг қарама-қарши томонга ўзгариши;

рухсат этилган тўлиқ вазн — жиҳозланган транспорт воситасининг ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган юк, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги энг юқори вазни (ўлчови).

Бир таркибда ҳаракатланаётган (тиркама ва бошқалар) транспорт воситаларининг рухсат этилган тўлиқ вазнига шу таркибга кирувчи транспорт воситаларининг рухсат этилган тўлиқ вазнлари йиғиндиси киради;

скутер — электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, бироқ 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси. Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа транспорт воситалари скутерларга тенглаштирилади;

сутканинг қоронғи вақти — кечки ғира-ширанинг охиридан тонгги ғира-ширанинг бошланишигача бўлган оралиқдаги вақт;

тартибга солувчи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда — ДЙҲХХ), ҳарбий автомобиль назорати органлари ходими, ўз хизмат вазифаларини бажараётган, ушбу Қоидаларда кўзда тутилган ишоралар ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш ваколатига эга бўлган ва уни бевосита амалга ошираётган йўлдан фойдаланиш хизмати ходимлари, темир йўл кесишмаси ва сол кечувларидаги навбатчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари. Тартибга солувчи махсус кийим ва (ёки) таниқлик белгиси (қўл боғичи, жезл, қизил ишорали ёруғлик қайтаргич, қизил чироқ ёки байроқча)га эга бўлиши шарт;

ташувчи — мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эгалик қиладиган, қонунчиликка мувофиқ йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган ва бунинг учун тегишли лицензияга эга бўлган ёхуд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати бўлган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (ўзини ўзи банд қилган шахс);

темир йўл кесишмаси — йўлнинг темир йўллар билан бир сатҳда кесишган жойи;

тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаси — тезкор вазифаларни бажаришга мўлжалланган, кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқча билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситаси;

тиркама — механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланишга мўлжалланган ва двигатель билан жиҳозланмаган транспорт воситаси. Ушбу атама ярим тиркама ва узайтириладиган тиркамаларга ҳам тааллуқлидир;

транспорт воситаси — йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ёки махсус ишларни амалга ошириш учун ускуналарнинг йўлларда ҳаракатланиши ёки ташилиши учун мўлжалланган қурилма;

транспорт воситасининг эгаси — транспорт воситасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;

транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси — олдида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси ёқилган транспорт воситаси кузатиб бораётган, бевосита бир-бирининг кетидан, битта ҳаракатланиш бўлагида, яқинни ёритувчи фаралар чироқларини ёқиб келаётган, уч ва ундан ортиқ механик транспорт воситалари гуруҳи;

транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари (бундан буён матнда тўхтаб туриш жойи деб юритилади) — транспорт воситаларини вақтинча ёки доимий сақлаш учун мўлжалланган, йўлнинг кенгайтирилиб қатнов қисмидан ажратилган участкаси, бино, иншоот (уларнинг бир қисми), махсус очиқ майдонча;

тротуар — қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл қисми;

тўсиқ — йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатсиз ҳолда бўлган жисм (бузилиб қолган транспорт воситаси, тушиб қолган юк, йиқилган дарахт ва бошқалар).

Тирбандлик туфайли ёки Қоидалар талабига биноан ушбу тасмада тўхтаган транспорт воситаси тўсиқ ҳисобланмайди;

тўхтаб туриш — транспорт воситасига йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатни 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш;

тўхташ — транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш);

фото ва видео қайд этиш — йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари, шунингдек, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар ёрдамида қайд этиш;

хавф — йўл ҳаракати хавфсизлигига хавф солувчи ҳар қандай омил;

хавфли юк — ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли муайян омиллар мавжуд бўлган тақдирда ташиш, юк ортиш-тушириш ишлари жараёнида ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бино ва иншоотлар, бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, буюмлар, чиқиндилар;

хавфсизлик оролчаси — ҳаракатланиш тасмаларини (шу жумладан велосипедчилар тасмаларини) ажратувчи, конструкциясига кўра қатнов қисми устига бордюр тошлари билан кўтарилган ёки ҳаракатни ташкил этиш техник воситалари билан белгиланган қатнов қисмидан ўтаётган пиёдалар, талаб қилинган ҳолда тўхтаб ўтишлари учун мўлжалланган йўл қурилмаси. Ажратувчи минтақа оралиғидан ўтказилган пиёдалар ўтиш жойи ҳам хавфсизлик оролчаси ҳисобланади. Икки томонлама ҳаракатланишли йўлларда қарама — қарши йўналишларни ажратувчи хавфсизлик оролчаларини ўнг томондан айланиб ўтилади;

хорижий автотранспорт воситалари — хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш, юклар ва йўловчиларни халқаро ташиш мақсадларида вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситалари;

чорраҳа — йўлларнинг ўзаро бир сатҳда кесишадиган, туташадиган ва айриладиган жойи. Чорраҳа чегараси унинг марказидан қатнов қисмлари охиридаги қарама-қарши томонларнинг энг узоқ бурилиш жойларини туташтирувчи тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланади.

Ёндош ҳудудлардан чиқиш жойлари чорраҳа ҳисобланмайди;

электромобиль — ташқи электр манбаидан қувватланиб, фақат электр двигатели билан ҳаракатланадиган транспорт воситаси;

электромотоцикл — электродвигателининг қуввати 4 киловатт ва ундан ошадиган, конструктив тезлиги соатига 50 километр ва ундан ошадиган ён тиркамасиз ёки ён тиркамали (кажавали) икки ёхуд уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси;

яшил ҳудудлар — шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг рекреацион мақсаддаги ҳудудлари, шунингдек, яшил экинлар билан қопланган ва табиатни муҳофаза қилиш функцияларини бажарадиган ҳамда аҳолининг дам олиши учун фойдаланиладиган уларга туташ ҳудудлар.

ўзиб кетиш — транспорт воситасининг бир йўналишда транспорт воситаси тезлигидан ортиқ тезликда ҳаракатланиши;

қайта тизилиш — дастлабки ҳаракат йўналишини сақлаган ҳолда ўз ҳаракатланиш тасмасидан бошқа ҳаракатланиш қаторига ўтиш;

қатнов қисми — йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми;

қатнов қисмлари кесишмаси — йўлларнинг қатнов қисмлари ўзаро кесишиб ўтадиган ва тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланган ҳудуд;

қувиб ўтиш — бир ёки бир нечта транспорт воситаларини қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган тасмага чиқиб, сўнгра илгари эгаллаган қаторига қайтиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ўзиб кетиш;

ҳайдовчи — транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи ҳисобланади.

От аравани бошқараётган ҳамда ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади;

ҳаракатланиш тасмаси — автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун етарлича кенг бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама тасмаси;

ҳаракатланиш учун хавф — йўл ҳаракати жараёнидан ўша йўналишда ва ўша тезликда ҳаракатланишни давом эттириш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига таҳдид қиладиган омил;

ҳақиқий вазн — транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги вазни.

Йўл ҳаракати қоидаларига иловалар / Йўл ҳаракати қоидаларининг белгилари

Йўл ҳаракати қоидалари



UzPdd.uz ©