Ўзбек тилида кирилл-лотин ва лотин-кирилл алифбосига ўзгартириш хизмати


Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидалари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига 1-ИЛОВА

29. Мансабдор шахсларнинг ва фуқароларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларини йўлга чиқариш, рақам ва таниқли белгиларини ўрнатиш бўйича мажбуриятлари

174. Йўл ҳаракатида иштирок этадиган транспорт воситаларининг техник ҳолати ва жиҳозлари «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Транспорт воситаларини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш ҳамда эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.

175. Механик транспорт воситаларининг (трамвайлардан, троллейбуслардан ташқари) ва тиркамаларнинг кўзда тутилган жойларида тегишли намунадаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари ўрнатилган бўлиши шарт.

Юк автомобиллари, тиркамалар (енгил автомобиллар ва мотоцикллар тиркамаларидан ташқари) ва автобуслар (микроавтобуслардан ташқари) кузовининг орқа деворига унинг давлат рақам белгиси ва ҳарфлари ёзилиши керак. Рақамнинг баландлиги 300 миллиметр, кенглиги 120 миллиметр, чизиғининг йўғонлиги 30 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳарфлар баландлиги эса рақам ўлчамларининг 2/3 қисмига тенг бўлиши керак.

Трамвайларга ва троллейбусларга тегишли ташкилот томонидан рўйхатга олинган рақамлар ёзилади.

176. Транспорт воситаларига таниқлик белгилари ўрнатилиши керак:

«Автопоезд» — юк автомобиллари ва ғилдиракли трактор (1,4 тонна ва ундан юқори)ларда тиркама бўлганда, шунингдек туташтирилган автобус ва троллейбус кабиналари томининг олд қисми ўртасига бир қатор қилиб 150 дан 300 миллиметргача оралиқда кўндаланг жойлашган учта зарғалдоқ рангли чироқ ёки ичидан ёритиладиган, томонларининг ҳар бири 250 миллиметр бўлган сариқ рангли учбурчак шаклидаги белги;

«Турумланган» (тишли, шипли) — турумланган шинали механик транспорт воситаларининг орқасида — ичига қора рангда «Т» ҳарфи туширилган, қизил ҳошияли, оқ рангли учи юқорига йўналтирилган тенг томонли учбурчак кўринишида. Учбурчакнинг томонлари 200 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;

«Болалар гуруҳини ташиш» — болалар гуруҳини ташкилий ташишда, транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига қизил ҳошияли, ичига 1.21 йўл белгисидаги болалар тимсолининг тасвири туширилган, сариқ рангдаги, томонлари тенг бўлган тўртбурчак (квадрат) кўринишидаги белги. Тўртбурчакнинг томонлари 250 — 300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги тўртбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;

«Кар ҳайдовчи» — кар-соқов ёки кар ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонларида — ичига учи пастга йўналган ҳаёлий тенг томонли учбурчакнинг бурчаклари бўйича диаметри 40 миллиметр бўлган учта қора доира туширилган, диаметри 160 миллиметрни ташкил этадиган сариқ рангли доира кўринишида;

«Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситаси» — бошқаришни ўргатишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида — ичига қора рангда «O‘» ҳарфи туширилган, томонлари 200 миллиметрдан 300 миллиметргача бўлган қизил ҳошияли, оқ рангли, учи юқорига йўналган тенг томонли учбурчак кўринишида. Белги ҳошиясининг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;

«Тезлик чекланган» — болалар гуруҳини ташкилий ташишни амалга ошираётган, оғир вазнли, хавфли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, шунингдек, транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезлиги Қоидаларнинг 78, 79 ва 80-бандларида белгиланган тезликдан кам бўлган ҳолларда, механик транспорт воситалари кузови орқа деворининг чап томонига 3.24 — «Юқори тезлик чекланган» йўл белгисининг кичрайтирилган, рангли тасвири туширилган кўринишидаги белги. Белгининг диаметри 160 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги белги диаметрининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;

«Хавфли юк» — хавфли юкни ташиётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатилган ўлчами 690 х 300 миллиметр, ўнг қисми 400 х 300 миллиметр бўлган зарғалдоқ рангли, чап қисми эса юкнинг хавфли хусусиятини билдириб турган белгилар туширилган қора ҳошияли (кенглиги 15 миллиметр) оқ рангдаги тўртбурчак шаклидаги белги (ушбу Қоидаларга 4-илова);

«Катта ўлчамли юк» — ичига кенглиги 50 миллиметрли, диагонал бўйича навбатма-навбат қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали, ўлчами 400 х 400 миллиметрли тўртбурчак шаклидаги белги;

«Узун ўлчамли транспорт воситаси» — юкли ва юксиз узунлиги 20 метрдан ошадиган транспорт воситасининг, икки ёки ундан кўпроқ тиркамали автопоездларнинг орқасида — кенглиги 40 миллиметр бўлган қизил ҳошияли, ўлчами 1200х200 миллиметр бўлган, сариқ рангли, нур қайтарувчи тўртбурчак шаклидаги белги.

Кўрсатилган ўлчамли белгини жойлаштиришнинг имконияти бўлмаса, бир хил иккита 600х200 миллиметр ўлчамдаги белгини транспорт воситасининг ўқига симметрик равишда ўрнатишга йўл қўйилади;

«Авария сабабли тўхташ» — давлат стандарти талаблари асосидаги учбурчак шаклидаги белги;

Ҳайдовчининг хоҳишига кўра таниқлик белгилари ўрнатилган бўлиши мумкин:

«Шифокор» — шифокор-ҳайдовчилар бошқараётган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида — томонлари 140 миллиметр бўлган, кўк рангли, ичида диаметри 125 миллиметрли оқ доирага баландлиги 90 миллиметр, чизиғининг кенглиги 25 миллиметр бўлган қизил хоч туширилган квадрат кўринишидаги белги;

«Ногиронлиги бўлган шахс» — биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётган, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ёки ногиронлиги бўлган болаларни ташиётган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида — барча томонлари 150 миллиметрдан бўлган ва ичига 7.17 йўл белгисининг қора рангли тимсоли туширилган сариқ рангли квадрат кўринишидаги белги;

«Ҳайдовчиликни энди бошлаган» — «Ҳайдовчилик малакаси етарли бўлмаган» ҳайдовчилик стажи 2 йилдан кам бўлган ҳайдовчилар бошқараётган механик транспорт воситаларининг (тракторлар, ўзиюрар машиналар ва мотоцикллардан ташқари) орқасида — ичига қора рангли 110 миллиметр баландликдаги «!» белгисининг тасвири туширилган, сариқ рангли, томонлари 150 миллиметр бўлган квадрат кўринишидаги белги.

Ушбу бандда назарда тутилган таниқлик белгилардан бошқа таниқлик белгиларини ўрнатиш, шунингдек, транспорт воситасининг кузови ва ойналарига турли хил ёзувлар киритиш тақиқланади, транспорт воситасининг кузовига реклама мақсадларида белгиланган тартибда ёзувлар киритиш бундан мустасно.

177. Механик транспорт воситаларини шатакка олишда эгилувчан улагични кўрсатадиган огоҳлантирувчи, ўлчами 200х200 миллиметр бўлган, диагонали бўйича кетма-кет жойлашган, кенглиги 50 миллиметрли қизил ва оқ рангли энли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали байроқчалар ёки квадрат кўринишидаги белги ўрнатилиши керак.

Эгилувчан улагичга камида иккита таниқли белгиси ўрнатилади.

178. Қаттиқ улагичли қурилманинг конструкцияси техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мос бўлиши керак.
179. Қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади:

автомобиллар, автобуслар, автопоездлар, тиркамалар, мотоцикллар, мопедлар, велосипедлар, тракторлар ва бошқа ўзиюрар машиналарнинг техник ҳолати ва жиҳозланиши транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлайдиган носозликлар ва шартлар рўйхатининг талабларига (3-иловага мувофиқ) жавоб бермаса;

троллейбусларда ва трамвайларда тегишли техник фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган носозликлардан бирортаси бўлса;

транспорт воситалари белгиланган тартибда давлат техник кўригидан ўтмаган бўлса;

тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган бўлса (автомототранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш учун рухсатнома талаб этилган ҳолларда);

транспорт воситалари ДЙҲХХ рухсатисиз ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишора билан жиҳозланган, кузовининг ён юзаларига ДЙҲХХ билан келишилмасдан рангли бўёқ чизмалар, қия оқ чизиқлар тортилган, кўзда тутилган жойларга тегишли давлат рақам белгилари ўрнатилмаган, агрегат ва қисмларининг рақамлари ёки тегишли намунадаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари кўринмайдиган, қалбакилаштирилган, ўзгартирилган бўлса;

кузовининг ён юзаларига йўналишсиз таксининг рангли расмлар чизмасига ва (ёки) томида такси чироғига эга бўлган транспорт воситаларидан, агар бундай транспорт воситасининг ҳайдовчисида белгиланган тартибда берилган йўловчилар ташишни амалга ошириш бўйича рухсатнома бўлмаса;
сариқ ёки зарғалдоқ рангли чироқ-маёқча билан жиҳозланган, ДЙҲХХда қайд этилмаган транспорт воситаларидан (катта ўлчамли юкларни, портловчи, осон алангаланадиган, радиоактив ва юқори даражали хавфга эга бўлган моддаларни ташиётган транспорт воситаларидан ташқари).

180. Транспорт воситаларининг техник ҳолатига ва улардан фойдаланишга жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
техник носоз, тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган, белгиланган тартибда рўйхатдан ва давлат техник кўригидан ўтказилмаган ёки тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини йўлга чиқариш;

мастлик (гиёҳвандлик моддалар, алкоголь ва бошқалар) ҳолатида ёки сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ёки бетоблик ҳолатида, шунингдек тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган, белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни транспорт воситасини бошқаришга қўйиш;

занжирли тракторларни ва бошқа ўзиюрар ускуналарни ҳаракатланиш учун асфальт ёки цемент-бетон қопламали йўлларга чиқариш.

181. Йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларининг ҳолатига жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахслар:

йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳаракатланиш учун хавфсиз ҳолатда сақлашга;

оммавий ахборот воситалари ёрдамида йўл ҳаракатига киритилган чекловлар ва ўзгартиришлар ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларини хабардор қилишга;

йўл ҳаракатига халақит берадиган ҳар қандай тўсқинлик вужудга келса, уларни ўз вақтида бартараф этиш, йўлнинг айрим қисмларида улардан фойдаланиш йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолларда ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш чораларини кўришга мажбур.

182. Йўлларда таъмирлаш ишларини бажаришга жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахслар ишлар олиб борилаётган жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга мажбур. Бундай жойлар, шунингдек, йўлдан ташқарига олиб чиқиш имконияти бўлмаган иш бажармаётган йўл машиналари, қурилиш материаллари, қурилма ва шунга ўхшашлар тегишли йўл белгилари, йўналтирувчи ва тўсувчи мосламалар билан, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса қўшимча қизил ёки сариқ чироқли ишоралар билан белгиланиши керак.

Таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланган бўлиши керак.

183. Қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда тегишли мансабдор ва бошқа шахслар томонидан ДЙҲХХ билан белгиланган тартибда қуйидагилар келишилиши шарт:

шаҳарларда ва автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини ташкил этишни лойиҳалаш, йўлларни ҳаракатланишни ташкил этувчи техник воситалар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш;

ушбу Қоидаларнинг 164-бандида келтирилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;

рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари контрукциясига йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланишига таъсир қиладиган ўзгартиришлар киритиш;
йўналишли транспорт воситалари йўналишлари ва бекатларининг жойлашиши;

йўлларда оммавий спорт ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

транспорт воситаларини қайта жиҳозлаш, уларга махсус ёруғлик ва товуш ишораларини ўрнатиш, транспорт воситалари кузови юзаларига рангли расмлар, ёзувлар ва схемалар, қия оқ чизиқлар тортиш;

таъмирлаш ишлари олиб бориладиган йўл участкаларида ҳаракатни ташкил этиш чизмаси;

йўлларни, йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳалари;

йўл ва унинг ҳудудларида ҳар қандай объектларнинг лойиҳаларини;

бошқаришни ўргатиш рухсат этилган йўллар рўйхати ва чизмаси;

ҳаракат хавфсизлиги бўйича мутахассисларни, автомототранспорт воситалари ёки шаҳар электр транспорти воситаларини бошқаришни ўргатиш бўйича амалий машғулотлар инструктори ва ҳайдовчиларни тайёрлаш дастурлари;

тезликнинг белгиланган меъёрдан оширилиши ёки камайтирилиши юзасидан қарорларни;

йўлларда сунъий нотекислик ва шлагбаумни ўрнатиш.

184. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқча қуйидагиларга ўрнатилади:

йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишларини, шикастланган, носоз транспорт воситаларини ортиш ва ташиш ишларини бажараётган транспорт воситаларига;

катта ҳажмли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташишни амалга ошираётган транспорт воситаларига;

катта ҳажмли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташишни амалга ошираётган транспорт воситаларини кузатиб бораётган транспорт воситаларига;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида машқ қилиш тадбирларини ўтказишда велосипедчиларнинг ташкилий гуруҳларини кузатиб боришни амалга ошираётган транспорт воситаларига.

185. Кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари томига, устига, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан олд ёки орқа томонига ҳам ўрнатилиши мумкин.

Маҳкамлаш усуллари транспорт воситаси ҳар хил шароитларда ҳаракатланганда ҳам ўрнатилган чироқ-маёқчаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаши керак.

186. Транспорт воситаларининг барча рангдаги чироқ-маёқча ва махсус товушли ишоралар билан жиҳозланганлиги ҳақидаги маълумотлар автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномада кўрсатилган бўлиши керак.

Йўл ҳаракати қоидаларига иловалар / Йўл ҳаракати қоидаларининг белгилари

Йўл ҳаракати қоидалари



UzPdd.uz ©